Сурхондарё вилоятида “Миллий армия — Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида ватанпарварлик фестивалларига тантанали равишда старт берилди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14-январ — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондонининг тегишли фармойишига мувофиқ ташкил этилди.
Фестивал доирасида Термиз шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб ҳарбий оркестр садолари остида фахрий қоровул, байроқдорлар, шунингдек, Қуролли Кучлар куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси миллий гвардияси ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактаби отлари иштирокида тантанали марш ўтказилди.
Ҳарбий бўлинмалар “Ватанпарварлар” боғидан бошлаб Сурхондарё вилояти ҳокимияти биноси орқали “Этношаҳар” майдонига қадар намойишкорона юриш амалга оширди. Ушбу тантанали марш томошабинларда катта таассурот қолдириб, миллий армиямизнинг тартиб-интизоми, жанговар тайёргарлиги ва юқори салоҳиятини намоён этди.
Фестивал доирасида махсус “Этношаҳарча” ташкил этилиб, унда замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари ва меҳмонлари ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги элементлари, кўргазмали чиқишлари ҳамда амалий машғулотларини томоша қилиш имкониятига эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, юртимизда ҳар йили 15-декабрдан 15-январга қадар “Ватанпарварлик” ойлиги кенг миқёсда нишонланиб, унинг доирасида турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, ҳарбий парадлар ва фестиваллар бўлиб ўтади.