Қорабайир — отларнинг сараси

От эр йигитнинг қаноти. Халқимизнинг кўп мингйиллик достонларида ҳам от тимсоли юксак мақомда мадҳ этилади, соҳибининг яқин кўмакчиси сифатида таърифланади.

Қорабайирнинг пайдо бўлиши ўзбек халқининг тарихи билан узвий боғлиқ. Халқ селекцияси маҳсули бўлган ушбу зот ўзгарувчан табиий-иқлим шароитларига мослашувчанлиги, чопқирлиги, кучлилиги билан ажралиб туради. Ташқи кўриниши эса ниҳоятда кўркам. 

Хўш, қорабайир сўзи қандай маънони англатади?  Мазкур ифода турлича талқин қилинади. Айрим олимлар “қора” — соф, “байир” — жайдари, яъни соф жайдари от, деб изоҳлашса, баъзилари арабчада “қора” отни, “байир” эса туяни билдиради, шу жиҳатдан ёндашганда, бақувват от, деб таърифлашади.

Ушбу от ўта чайир бўлиб, қора терга тушса ҳам чарчамайдиган, озуқа танламайдиган пишиқ зот ҳисобланади.

Қорабайир ўзининг қатор  биологик  хусусиятлари билан бошқа зотлардан устунликка эга. Яъни тоғ шароитига яхши мослашади, иссиқ ва совуққа бардошли. Пойгада, айниқса, узоқ масофага чопиш, тўсиқлардан сакраб ўтишда бошқа зотлардан асло қолишмайди. Миллий от спорти мусобақаларида эса унга тенглашадигани топилмайди.

Мазкур от ўта хушбичимлиги билан кишини ўзига мафтун этади.  Унинг тана тузилиши қотма, тўши кенг, бўйни қисқа бўлса-да, анча йўғон, қарчиғайи унча баланд эмас, оёқлари нисбатан узун бўлиб, юрганида, чопганида янада кўркамлик касб этади. Ранги, асосан, тўриқ, жийрон, кўк, малла, қора, чавкар, шунингдек, саман тусда бўлади. 

Уларнинг маҳсулдорлиги ҳам юқори. Масалан, сўйим чиқими катта отларда 56-57 фоизни ташкил этса, биялар бир лактация давомида 1750 литргача сут беради. 

Умуман олганда, бу зот хўжалик ва биологик жиҳатдан ноёб хусусиятларга эга. Қадимда деҳқончилик ишларини бажариш, оғир юк ташишда асосий таянч бўлган бўлса, кейинчалик от спорти ўйинларида учқурлигини намоён қилган. Шу боис ҳам соҳибқирон Амир Темур навкарларини қорабайир билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратган. 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech